Навоий вилояти қўғирчоқ театрининг 2026-йил 3-ноябрдаги 11-01/41-сонли буйруғига 1-илова
Навоий вилоятидаги таълим муассасалари ўртасида “Театр — ибратхонадир” дастури доирасида “ОЛТИН ЧИПТА” маданий-маърифий марафонини ўтказиш тартиби тўғрисида низом
1-боб. Умумий қоидалар ва ҳуқуқий асослар
1.1. Мазкур Низом Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2024-йил 22-ноябрдаги “Театрларнинг жамият маданий ҳаётидаги аҳамиятини ошириш ва улар фаолиятини янада қўллаб-қувватлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги PQ-399-сон қарорининг 6-, 8-, 14-, 15- ва 16-бандларига мувофиқ “Театр — ибратхонадир” дастури доирасида болалар, ўқувчилар ва талабаларнинг театр санъатига бўлган қизиқишини ошириш, таълим ташкилотлари билан узвий ҳамкорликни йўлга қўйиш ҳамда электрон тизим орқали сотилган театр чипталари асосида совринли танлов ташкил қилиш тартибини белгилайди.
1.2. Марафон ташкилотчиси: Марафон Навоий вилояти қўғирчоқ театри томонидан ўтказилади.
1.3. Ихтиёрийлик тамойили: Марафонда иштирок этиш барча таълим муассасалари, педагоглар, ота-оналар ва ўқувчи-талабалар учун мутлақо ихтиёрий ҳисобланади.
1.4. Балларни ҳисоблаш ва шаффофлик тартиби: Марафон тасодифий лотерея ҳисобланмайди. Ғолиблар театрнинг расмий веб-сайти (bolalar-teatri.uz) ва махсус Telegram-боти (@bolalar_teatri_bot) орқали харид қилинган чипталарнинг аниқ электрон рейтинг кўрсаткичлари асосида аниқланади.
- Ҳар бир харид қилинган электрон чипта тўлов амалга оширилган заҳоти танланган таълим муассасаси ҳамда синф (гуруҳ) рейтингига +1 балл (1 та чипта) сифатида автоматик қўшилади.
- Харид қилинган чипталарни қайтариш (бекор қилиш) фақатгина театрнинг марказий кассаси орқали амалга оширилади. Чипта кассага қайтарилган тақдирда, ушбу чипта учун ёзилган балл тизим томонидан автоматик равишда тегишли синф (гуруҳ) ва муассаса ҳисобидан чегириб ташланади (ўчирилади).
2-боб. Марафон йўналишлари (8 та лига) ва ўтказиш муддатлари
2.1. Марафон таълим муассасаларининг ҳудудий жойлашуви ва турига кўра қуйидаги 8 та мустақил йўналиш (лига) бўйича ўтказилади:
- Навоий шаҳри умумтаълим мактаблари (давлат ва нодавлат мактаблар);
- Навоий шаҳри мактабгача таълим ташкилотлари (давлат ва нодавлат боғчалар);
- Кармана тумани умумтаълим мактаблари (давлат ва нодавлат мактаблар);
- Кармана тумани мактабгача таълим ташкилотлари (давлат ва нодавлат боғчалар);
- Вилоятнинг қолган барча туман ва шаҳарлари умумтаълим мактаблари (бирлашган ҳудудий йўналиш);
- Вилоятнинг қолган барча туман ва шаҳарлари мактабгача таълим ташкилотлари (бирлашган ҳудудий йўналиш);
- Вилоятдаги барча Олий таълим муассасалари (ОТМ) (Бунда: давлат ОТМларининг ҳар бир факультети алоҳида иштирокчи сифатида, хусусий/нодавлат ОТМлар эса университет сифатида умумий рейтингда қатнашади);
- Вилоятдаги барча Касбий таълим ташкилотлари (Техникумлар) (умумий йўналиш).
2.2. Марафон ўқув йили давомида 3 та мавсумий босқич (декада) ва 1 та Йиллик Гранд-финал шаклида ўтказилади:
- 1-босқич (Кузги мавсум): 1-сентябрдан 30-ноябргача (шу куни ҳам) -> Ғолибларни эълон қилиш ва совринларни топшириш: 1-декабрь;
- 2-босқич (Қишки мавсум): 1-декабрдан 28-февралгача (шу куни ҳам) -> Ғолибларни эълон қилиш ва совринларни топшириш: 1-март;
- 3-босқич (Баҳорги мавсум): 1-мартдан 19-майгача (шу куни ҳам) -> Ғолибларни эълон қилиш ва совринларни топшириш: 20-май;
- Йиллик Гранд-финал (Ўқув йили якуни): 1-сентябрь 20-май (шу куни ҳам) умумий натижалар асосида -> Ғолибларни эълон қилиш ва тантанали тақдирлаш: 25-май (“Сўнгги қўнғироқ” кунида).
- (21-майдан — 31-августгача олинган чипталар 1-босқич (Кузги мавсум) ва йиллик гранд-финал учун ҳисобга олинади).
3-боб. Мавсумий босқичлар (ҳар 3 ойда) шартлари, квоталар ва совринлар
3.1. Ҳар бир мавсумий босқич якунида (1-декабрь, 1-март ва 20-май кунлари) 2.1-бандда кўрсатилган 8 та йўналишнинг ҳар биридан белгиланган минимал квотани бажарган ва энг кўп чипта харид қилган 1 тадан синф (боғча гуруҳи / ОТМ ва техникум академик гуруҳи) ғолиб деб топилади.
3.2. Мавсумий босқичда ғолиб бўлиш учун минимал фаоллик квотаси:
- Мактаблар, ОТМ (факультет/хусусий ОТМ) ва Техникумлар йўналишларида (1-, 3-, 5-, 7-, 8-йўналишлар): Муассаса (факультет) бўйича босқич давомида жами камида 800 та чипта, шундан ғолибликка даъвогар синф (академик гуруҳ)нинг ўзи камида 200 та чипта харид қилган бўлиши шарт;
- Мактабгача таълим (боғчалар) йўналишларида (2-, 4-, 6-йўналишлар): Боғча бўйича босқич давомида жами камида 500 та чипта, шундан даъвогар гуруҳ камида 150 та чипта харид қилган бўлиши шарт.
3.3. Мавсумий босқич Совринлар пакети (6 та йўналиш (мактаблар ва боғчалар) учун бир хил): Минимал квотани бажарган ва ўз йўналишида 1-ўринни эгаллаган ҳар бир ғолиб синф (гуруҳ) қуйидаги совринлар тўплами билан тақдирланади:
- Синф хонаси (боғча гуруҳи) учун: 1 дона (18 000 БТУ / “18 талик”) замонавий Кондиционери (муассаса балансига беғараз ўтказилиб, айнан ғолиб синф/гуруҳ хонасига ўрнатиб берилади);
ОТМ ва техникумлар гуруҳлари учун (7-8-йўналишлар) Самарқанд ёки Бухорога 1 кунлик 40 кишига Тур-пакет (саёҳат йўланмаси) (Бунда бориб-келиш, овқатланиш ва гид хизматлари билан) - Синф раҳбари (тарбиячи / гуруҳ тютори ёки куратори) учун: маиший техника харид қилиш учун 1 000 000 (бир миллион) сўмлик Ваучер; Театрнинг 1 000 000 сўмлик “Дўстлар картаси” билан тақдирланади.
- Синф ўқувчилари (тарбияланувчилар / талабалар) учун: Ғолиб синф (гуруҳ)нинг ҳар бир аъзосига театр спектаклларига 3 ой давомида бепул кириш ҳуқуқини берувчи шахсий Абонемент (ID-карта). (Изоҳ: Бепул абонемент орқали киришлар кейинги босқичлар рейтингида балл бермайди).
3.4. Махсус шартлар:
- Агар мавсумий босқич якунида қайсидир йўналиш бўйича ҳеч бир муассаса ёки синф (гуруҳ) 3.2-бандда белгиланган минимал квотани бажара олмаса, белгиланган мукофотлар берилмайди.
- Бир босқичда ғолиб бўлиб, кондиционер ютиб олган синф (гуруҳ) кейинги мавсумий босқичда синфлараро курашда қатнашмайди (кейинги йил босқичларида яна иштирок этаверади), бироқ улар харид қилган барча чипталар муассасанинг 25-майдаги Йиллик Гранд-финал умумий ҳисобига қўшилиб боради.
4-боб. 25-май — Йиллик Гранд-финал номинациялари, квоталар ва Супер-совринлар
4.1. Ўқув йили якунида (25-май куни) 8 та йўналишнинг ҳар бирида 2 тадан номинация бўйича (квота шартларини бажарган муассасалар орасидан) йиллик ғолиблар аниқланади:
- 1-НОМИНАЦИЯ: «МУТЛАҚ ЕТАКЧИ»
Мезони: Ўқув йили давомида (1-сентябрдан 20-майгача) ўз йўналишида сон жиҳатидан мутлақ энг кўп чипта харид қилган таълим муассасаси (ОТМ факультети / хусусий ОТМ).
Минимал йиллик квотаси: Мактаблар, ОТМ ва Техникумлар учун — камида 2 500 та чипта; Боғчалар учун — камида 1 500 та чипта. - 2-НОМИНАЦИЯ: «ЭНГ ҲАМЖИҲАТ (ФАОЛ) ЖАМОА» (Кичик ва ўрта муассасалар учун)
Мезони: Муассасанинг ўқув йили давомида харид қилган жами чипталари сонини ушбу муассаса синфлари (гуруҳлари) сонига бўлиш орқали аниқланадиган энг юқори ўртача фаоллик кўрсаткичи (1 та синф/гуруҳда ўртача 35 нафар ўқувчи/талаба ҳисобидан ҳар бир ўқувчининг йилига ўртача 5 тадан чипта олиши нисбати инобатга олинади).
Минимал йиллик квотаси ва шарти: Мактаблар, ОТМ ва Техникумлар бўйича жами йиллик чипталар сони камида 1 200 тадан ошган бўлиши шарт;
Боғчалар бўйича жами йиллик чипталар сони камида 750 тадан ошган бўлиши шарт.
4.2. “Битта муассасага — битта йиллик соврин” қоидаси: Бир таълим муассасаси (факультет) йил якунида бир вақтнинг ўзида иккала номинацияда ғолиб бўлиши мумкин эмас. Агар битта муассаса ҳар иккала номинация бўйича ҳам 1-ўринни қайд этса, у “Мутлақ етакчи” номинацияси ғолиби деб эълон қилинади, “Энг ҳамжиҳат жамоа” номинацияси соврини эса ушбу номинация квотасини бажарган ва рейтингда 2-ўринни эгаллаган (кейинги ўриндаги) таълим муассасасига топширилади. (Агар йўналишда ҳеч бир муассаса йиллик минимал квотани бажара олмаса, йиллик соврин берилмайди).
4.3. Йиллик Гранд-финал Супер-совринлари (барча йўналиш ва ҳар иккала номинация ғолиблари учун бир хил): Белгиланган йиллик квотани бажарган ва ғолиб деб топилган ҳар бир таълим муассасаси (факультет) қуйидаги Супер-совринлар тўплами билан тақдирланади:
- Ғолиб бўлган муассаса (факультет) учун: 1 дона 75 дюймли Интерактив сенсорли панел (ақлли доска);
- Муассаса жамоаси учун: Навоий вилояти қўғирчоқ театрининг 5 000 000 (беш миллион) сўмлик “Дўстлар картаси” (театр спектакллари, кўчма томошалар ва театр хизматларидан фойдаланиш имтиёзли картаси).