Навоий вилоятиҚўғирчоқ театри
Ўз
Чипталарим

Кўриниш созламалари

Сайт кўринишини ўзингизга мосланг. Танловингиз шу қурилмада сақланади.

Матн ўлчами
Ранг
Ҳаракат
Чипталарим

ОЛТИН ЧИПТА марафони офертаси

Кучга кирган сана: 3-ноябрь 2026

Ушбу оферта «ОЛТИН ЧИПТА» марафонида қатнашиш шартларини белгилайди. Марафон Театрнинг 2026-йил 3-ноябрдаги 11-01/41-сонли буйруғига 1-илова — Марафон низомига асосланади. Марафонда қатнашиш ихтиёрий ва бепул: чипта нархи ва харид шартлари бундан ўзгармайди.

1. Умумий қоидалар

1.1. Ушбу ҳужжат Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодексининг 367 ва 369-моддаларига мувофиқ, Навоий вилояти қўғирчоқ театри (кейинги ўринларда — «Театр») томонидан чипта харидорларига (кейинги ўринларда — «Қатнашчи») «ОЛТИН ЧИПТА» марафонида (кейинги ўринларда — «Марафон») қатнашиш бўйича эълон қилинган оммавий оферта ҳисобланади.

1.2. Марафон Театрнинг 2026-йил 3-ноябрдаги 11-01/41-сонли буйруғига 1-илова — Марафон низомига (кейинги ўринларда — «Низом») асосан ўтказилади. Ушбу оферта Низомни қатнашчилар учун амалий тартибга солади; Низом билан ушбу оферта ўртасида тафовут юзага келса, Низом устун ҳисобланади.

1.3. Ушбу оферта чипталарни сотиш бўйича оммавий офертани тўлдиради ва уни ўзгартирмайди. Чиптани сотиб олиш, тўлаш ва қайтариш ўша офертага мувофиқ амалга оширилади.

1.4. Қатнашчи буюртмада синф ёки гуруҳни кўрсатиб, «Сақлаш» тугмасини босган пайтдан (Театр кассасида — кассирга синф ёки гуруҳни айтган пайтдан) бошлаб ушбу оферта шартларини қабул қилган (аксепт) ҳисобланади.

1.5. Ушбу оферта ўзбек, рус ва инглиз тилларида эълон қилинади. Матнлар ўртасида тафовут юзага келса, ўзбек тилидаги матн устун ҳисобланади.

2. Марафоннинг мазмуни

2.1. Марафон — Навоий вилоятидаги таълим муассасаларининг синфлари ва гуруҳлари ўртасидаги мусобақа: қайси синф ёки гуруҳ ҳисобига кўпроқ театр чиптаси олинса, ўша синф ёки гуруҳ соврин олади. Марафон тасодифий лотерея эмас: ғолиблар электрон ҳисоб натижалари бўйича аниқланади.

2.2. Марафонда тўрт турдаги муассаса қатнашади: мактаб (синфлар), мактабгача таълим муассасаси — MTT (гуруҳлар), олий таълим муассасаси — ОТМ (гуруҳлар) ва техникум (гуруҳлар). Давлат ОТМларида ҳар бир факультет алоҳида иштирокчи, нодавлат ОТМлар эса университет сифатида қатнашади. Муассасалар рўйхатини Театр юритади.

2.3. Марафон саккизта мустақил йўналиш (лига) бўйича ўтказилади: мактаблар ва MTT’лар — Навоий шаҳри, Кармана тумани ва вилоятнинг қолган барча туман ва шаҳарлари бўйича алоҳида (олтита лига); ОТМлар ва техникумлар — бутун вилоят бўйича (ҳар бири битта лига). Ғолиблар ҳар бир лига бўйича алоҳида аниқланади.

3. Қатнашиш тартиби

3.1. Қатнашчи чипта сотиб олаётганда Telegram-бот (@bolalar_teatri_bot) ва унинг Mini App’ида, bolalar-teatri.uz сайтида ёки Театр кассасида буюртмага муассасани ҳамда синфни (синф рақами ва ҳарфи) ёки гуруҳ номини кўрсатади.

3.2. Қатнашиш ихтиёрий ва бепул. Синф ёки гуруҳ кўрсатилмаса ҳам чипта сотилади.

3.3. Битта буюртма битта синф ёки гуруҳ ҳисобига ёзилади. Синф ёки гуруҳни буюртма тўлангунига қадар ўзгартириш ёки олиб ташлаш мумкин; тўланган буюртмада у ўзгартирилмайди.

3.4. Театр битта гуруҳнинг турлича ёзилган номларини битта номга бирлаштириши мумкин.

4. Чипталарни ҳисоблаш

4.1. Синф ёки гуруҳ ҳисобига шу синф ёки гуруҳ кўрсатилган тўланган буюртмалардаги ҳар бир амалдаги ёки киришда фойдаланилган чипта (жой) битта чипта (+1 балл) сифатида ёзилади. Театр кассасида сотилган ва синф ёки гуруҳ кўрсатилган чипталар ҳам ҳисобга киради.

4.2. Чипта тўлов санаси бўйича (Тошкент вақти) тегишли мавсумий босқич ва йилга ёзилади; спектакль санаси аҳамиятга эга эмас.

4.3. Бепул абонемент орқали киришлар ҳисобга балл бермайди.

4.4. Қайтарилган чипта ҳисобдан чиқарилади (10-бўлим).

5. Даврлар

5.1. Марафон йили 21-майдан кейинги йилнинг 20-майгача (шу куни ҳам) давом этади ва учта мавсумий босқич ҳамда Йиллик Гранд-финалдан иборат.

5.2. 1-босқич (Кузги мавсум) — 1-сентябрдан 30-ноябргача; 2-босқич (Қишки мавсум) — 1-декабрдан февраль ойининг охирги кунигача; 3-босқич (Баҳорги мавсум) — 1-мартдан 19-майгача (ҳар бир босқичнинг охирги куни ҳам киради). Йиллик Гранд-финал бутун марафон йилининг натижалари бўйича аниқланади.

5.3. 21-майдан 31-августгача олинган чипталар 1-босқич (Кузги мавсум) ва Йиллик Гранд-финал учун ҳисобга олинади. 20-май куни олинган чипталар фақат йиллик ҳисобга киради.

5.4. Мавсумий босқич ғолиблари босқичдан кейинги куни (1-декабрь, 1-март, 20-май), Йиллик Гранд-финал ғолиблари 25-майда эълон қилинади.

6. Ғолибларни аниқлаш

6.1. Ҳар бир мавсумий босқич тугагач, ҳар бир лига бўйича шу босқичда энг кўп чипта олинган синф ёки гуруҳ (ОТМ ва техникумда — академик гуруҳ) ғолиб бўлади. Ҳар бир босқичда кўпи билан саккизта ғолиб (ҳар бир лигадан биттадан) аниқланади.

6.2. Босқич ғолиби бўлиш учун синф ёки гуруҳ ҳисобига ҳам, унинг муассасаси (давлат ОТМида — факультети) ҳисобига ҳам шу босқичда белгиланган минимал миқдорда чипта ёзилган бўлиши керак. Мактаб, ОТМ ва техникум учун: синф ёки гуруҳ ҳисобига камида 200 та, муассаса ҳисобига камида 800 та чипта. MTT учун: гуруҳ ҳисобига камида 150 та, MTT ҳисобига камида 500 та чипта. Бу шартга жавоб берадиган синф ёки гуруҳ бўлмаса, шу лига бўйича босқич соврини берилмайди.

6.3. Босқичда ғолиб бўлган синф ёки гуруҳ навбатдаги мавсумий босқичда ғолиб бўла олмайди; кейинги йилнинг босқичларида яна қатнашади. Унинг навбатдаги босқичда олинган чипталари муассаса ва Йиллик Гранд-финалнинг ҳисобига кираверади.

6.4. Энг кўп чипта олинган синф ёки гуруҳ 6.2 ёки 6.3-банд шартига жавоб бермаса, шу шартларга жавоб берадиган кейинги синф ёки гуруҳ ғолиб бўлади.

6.5. Йил якунида (Йиллик Гранд-финал) ҳар бир лига бўйича икки номинация ғолиби аниқланади; йил ғолиби синф ёки гуруҳ эмас, бутун муассаса (мактаб, MTT, ОТМ факультети ёки университети, техникум) бўлади. «Мутлақ етакчи» — марафон йилида ўз лигасида энг кўп чипта олинган муассаса; бунинг учун муассаса ҳисобига шу йилда мактаб, ОТМ ва техникумда камида 2 500 та, MTT’да камида 1 500 та чипта ёзилган бўлиши керак. «Энг ҳамжиҳат жамоа» — муассаса ҳисобига шу йилда ёзилган жами чипталар сонини унинг синфлари ёки гуруҳлари сонига бўлганда энг юқори натижа чиққан муассаса; бунинг учун муассаса ҳисобига шу йилда мактаб, ОТМ ва техникумда камида 1 200 та, MTT’да камида 750 та чипта ёзилган бўлиши керак. Синфлар ёки гуруҳлар сони муассаса Театрга тақдим этган маълумот бўйича олинади; бу маълумотни тақдим этмаган муассаса «Энг ҳамжиҳат жамоа» номинациясида қатнашмайди. «Энг ҳамжиҳат жамоа» номинациясида шу лигадаги «Мутлақ етакчи» ғолиби қатнашмайди: ундан кейинги муассаса ғолиб бўлади. Шартларга жавоб берадиган муассаса бўлмаса, шу номинация бўйича йил соврини берилмайди. Йил ғолибларини аниқлашда 6.3-банд қўлланилмайди.

6.6. Ғолибларни давр тугаганидан кейин Театр ҳисоб натижалари бўйича тасдиқлайди.

6.7. Бир нечта синф, гуруҳ ёки муассаса ҳисобига тенг сонда чипта ёзилган бўлса, кўпроқ тўланган буюртмаси бор синф, гуруҳ ёки муассаса олдинда туради. Буюртмалар сони ҳам тенг бўлса, ғолиб Театр қарори билан аниқланади.

7. Совринлар

7.1. Мавсумий босқич соврини (Низомнинг 3.3-банди): ғолиб синф ёки гуруҳнинг ҳар бир аъзосига 3 ойлик абонемент; синф ёки гуруҳ хонасига 18 000 БТУ қувватли («18 лик») кондиционер; синф раҳбари ёки гуруҳ раҳбарига маиший техника харид қилиш учун 1 000 000 сўмлик ваучер ва Театрнинг 1 000 000 сўмлик «Дўстлар картаси».

7.2. ОТМ ва техникум гуруҳлари учун кондиционер ўрнига Самарқанд ёки Бухорога бир кунлик 40 кишилик тур-пакет (йўл, овқат ва гид хизмати билан) берилади.

7.3. Йил соврини: ҳар бир лигада икки номинация — «Мутлақ етакчи» ва «Энг ҳамжиҳат жамоа»; ҳар бир номинация ғолиби бўлган муассасага 75 дюймли интерактив сенсорли панел (ақлли доска) ва муассаса жамоасига Театрнинг 5 000 000 сўмлик «Дўстлар картаси» топширилади.

7.4. Битта муассаса йил якунида иккала номинацияда ғолиб бўлмайди (6.5-банд).

8. Ғолибларни эълон қилиш ва совринларни топшириш

8.1. Театр ғолиб синф ёки гуруҳ билан муассаса орқали — синф раҳбари ёки гуруҳ раҳбари билан боғланади ва совринни топшириш вақти ва жойини келишиб олади.

8.2. Ғолиб синф ёки гуруҳ аъзоларининг рўйхати муассаса орқали аниқланади.

8.3. Театр ғолиб муассаса, синф ёки гуруҳ номини ўз сайтида ва Telegram каналида эълон қилиши мумкин. Болаларнинг исмлари эълон қилинмайди.

9. Шахсий маълумотлар

9.1. Марафон учун буюртмада фақат муассаса ва синф (рақами ва ҳарфи) ёки гуруҳ номи сақланади. Болалар, ота-оналар ёки ўқитувчиларнинг исм-фамилияси сўралмайди ва сақланмайди.

9.2. Сайтда охирги киритилган муассаса ва синф ёки гуруҳ кейинги харидда қайта ёзмаслик учун фақат шу браузернинг ўзида сақланади.

9.3. Буюртма ва харидорга оид бошқа маълумотлар оммавий офертанинг 6-бўлимига мувофиқ қайта ишланади.

10. Қайтарилган чипталар

10.1. Қайтарилган чипта синф ёки гуруҳ ҳисобидан чиқарилади. Буюртманинг бир қисми қайтарилса, қайтарилмаган чипталар ҳисобда қолади.

10.2. Тасдиқланган ғолиб бу сабабдан ғолибликдан маҳрум бўлмайди.

11. Шартларни ўзгартириш ва Марафонни тугатиш

11.1. Театр Марафон шартларини ўзгартириши, Марафонни тўхтатиши ёки тугатиши мумкин. Бу ҳақда Театр сайтида хабар берилади; ўзгаришлар эълон қилинган кундан кучга киради.

11.2. Марафон тўхтатилганда буюртмаларга янги синф ёки гуруҳ ёзилмайди; шу пайтгача ёзилган чипталар ҳисобда сақланади.

12. Алоқа ва реквизитлар

Навоий вилояти қўғирчоқ театри
Манзил: Навоий шаҳри, М. Таробий кўчаси, 605-уй
Телефон: +998 (93) 433-71-41, +998 (99) 750-17-16
Касса иш вақти: Сешанба – Якшанба: 09:00 – 17:00 (Душанба – дам олиш куни)

Сеанс эълон қилинганда

Янги сеанслар театрнинг Телеграм каналида эълон қилинади. Каналга обуна бўлинг, сана чиқиши билан кўрасиз.